ТОШКЕНТ, 20 декабрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Туркия Фойдали қазилмаларни тадқиқ этиш ва қидириш Директорати (МТА) бош директори ўринбосари Наил Йилдирим ва лойиҳа раҳбари Мустафо Токўглу билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан маълум қилинишича, Туркиянинг Фойдали қазилмаларни тадқиқ этиш ва қидириш Директорати 1935 йилда геологик тадқиқот ташкилоти сифатида ташкил этилган. Бош офиси Анқарада жойлашган бўлиб, ташкилотнинг асосий фаолияти геологик қидирув хизматлари кўрсатишдир. МТА Ўзбекистонда 2018 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Бўлиб ўтган учрашувда МТА вакиллари Ўзбекистонда хорижий инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолашар экан, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Фойдали қазилмаларни қидириш соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда сармоявий муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакат мутахассисларининг ҳамкорликдаги фаолиятини кенгайтириш, тажриба ва технологиялар алмашиш, малакасини ошириш имкониятлари ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро муносабатларнинг муҳокама қилинган йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларини келишиб олдилар.