Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон етакчисининг янада адолатли ва фаровон дунё барпо этиш борасидаги барча таклифларини қўллаб-қувватловчи БМТга аъзо давлатлар сони тобора ортиб бормоқда


Ўзбекистон етакчисининг янада адолатли ва фаровон дунё барпо этиш борасидаги барча таклифларини қўллаб-қувватловчи БМТга аъзо давлатлар сони тобора ортиб бормоқда

АНҚАРА, 2 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида Туркия стратегик тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинганига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Тадбирда Стратегик тадқиқотлар маркази директори, Туркия олий Мажлисининг Қонунчилик масалалари бўйича эксперти Месут Эмре Каракосе, Туркий дунё маданияти, санъати ва киноси жамғармаси раҳбарлари, таниқли экспертлар ва тадқиқотчилар қатнашди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қабул қилинган резолюциянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди. Мазкур ҳужжатга БМТга аъзо 40га яқин давлат, жумладан Туркия ҳам ҳаммуаллифлик қилгани таъкидланди.

Стратегик тадқиқотлар маркази директори Месут Эмре Каракосе таъкидлаганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида жуда очиқ ташқи сиёсат йўналишини қабул қилди. Кўп векторли ташқи сиёсат асосида Ўзбекистон халқаро нуфузи янада юксалди. Ўзбекистон етакчисининг янада адолатли ва фаровон дунё қуриш борасидаги барча таклифларини қўллаб-қувватловчи БМТга аъзо давлатлар сони тобора ортиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган коронавирус пандемиясидан кейин мамлакатлар иқтисодиётини тиклашда кенг қамровли, барқарор ва изчил муваффақиятга эришишга қаратилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш ташаббуси бунга ёрқин мисол бўла олади.