Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркия ОАВ: Тошкентда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўзлаб, пухта ўйланган сиёсати самарасидир


Туркия ОАВ: Тошкентда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўзлаб, пухта ўйланган сиёсати самарасидир

АНҚАРА, 12 январь. /«Дунё» АА/. Туркиянинг www.ankasam.org веб-сайтида Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази -«ANKASAM» директори профессор Меҳмет Сейфеттин Эролнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларга бағишланган «Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги кучли ислоҳот қадамлари» сарлавҳали мақоласи турк ва инглиз тилларида эълон қилинди, деб хабар бермоқда  Дунё АА

 

 Нашрда таъкидланишича, бугун кунда глобал ўзгаришлар жараёни  фаол тарзда кечаётган қитъалардан бири - бу Осиёдир. «Бироқ ҳамма мамлакатлар ўзгаришлар сиёсати ва тафаккурини қабул қилди, дейиш қийин. Ваҳоланки, ўзгаришларга етакчилик қилаётган давлатлар замон талабларига мос иш тутиб, ўз фуқаролари учун замонавий дунё талаб қилаётган бошқарувни йўлга қўймоқда. Ўзбекистон шундай давлатларнинг олдинги сафларида қайд этилмоқда», дейилади материалда.

Турк экспертига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги «Учинчи Ренессанс» даври «Янги Ўзбекистон» шиори билан ҳамоҳанг тарзда ўз ифодасини топмоқда. «Шавкат Мирзиёевнинг кўп йиллик бошқарув тажрибаси натижасида вужудга келган Янги Ўзбекистон тубдан замонавий жамият ва давлат бошқарувини яратишга қаратилгандир, - дея таъкидлайди муаллиф. - Янги Ўзбекистонни изчил ривожлантириб, тизимли сиёсат ва ислоҳотлар билан инклюзивлигини оширган Шавкат Мирзиёев ўзи илгари сурган мақсадларга эришиш йўлида янги қадам ташлади».

Мақолада Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасига мувофиқ, мамлакатда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб муҳим маъмурий ислоҳотлар бошлангани таъкидланган. «Мазкур Мурожаатнома аслида дунёга Ўзбекистон тараққиётини янада жадаллаштириш мақсадида замонавий давлат қурилиши ва бошқарув тизими бўйича қабул қилинган қарорлар занжирининг бир-бирини тўлдирувчи бўғинларидан бири эканини эълон қилишдир, - деб қайд этади Меҳмет Сейфеттин Эрол. - «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармоннинг имзоланиши ва уни амалга ошириш бўйича тегишли қарорнинг қабул қилиниши халқаро сиёсатда катта тажрибага эга бўлган Шавкат Мирзиёев мамлакатда замонавий давлат қурилишини изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради».

Муаллиф Ўзбекистонда ҳукуматга қарашли ижро этувчи органлар сонининг қисқартирилиши, шубҳасиз, “давлат-халқ” бирлиги ҳамда “марказ-ҳудуд” муносабатларини мустаҳкамланишига ижобий ҳисса қўшади, деб қайд этган.  Тошкентда амалга оширилган замонавий ва инқилобий маъмурий ислоҳотлар Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўзлаб, пухта ўйланган сиёсати самарасидир, дейилади манбада.

Муаллиф ўз хулосасида «Ўзбекистон Маворауннаҳр, Марказий Осиё, туркий ва ислом олами, Осиё қитъасининг қадимий маданияти, тарихи, эътиқоди, цивилизацияси ва онгу шуури билан ҳаракат қилади. Бу хусусиятлар Шавкат Мирзиёевнинг бой тажрибаси, ўз халқи манфаатлари ва инсон қадр-қимматини инобатга олган адолатли ёндашуви ва позицияси билан уйғунлашган», деб ёзган.