АНҚАРА, 25 январь. /“Дунё” АА/. Замонавий тиббиётнинг барча жабҳаларини ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпитали ўз фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаётир, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида тобора равнақ топаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари доирасида мазкур ҳарбий шифохона Туркия Соғлиқ билимлари университети билан тиббиёт соҳасида алоқалари кўламларини кенгайтирмоқда.
Хусусан, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда қўшма лойиҳалар, шунингдек, хорижий ҳарбий шифокорлар билан биргаликда турли мураккаб жарроҳлик операцияларини амалга оширмоқда.
Ушбу ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 23 январь куни Туркия Соғлиқ билимлари университети билан биргаликда Марказий ҳарбий клиник госпитал ва ва Қуролли Кучлар тиббиёт академияси мутахассислари учун тегишли билим ва кўникмалар ҳосил қилиш мақсадида турк университетида бир ой давом этадиган малака ошириш курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Туркия Соғлиқ билимлари университети ректори Жевдет Эрдол 2019 йилда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти қошида университет факультети ва Малакали тиббий хизматлар олий мактаби очилганини ёдга олди.
2022 йилда олий мактаб томонидан 52 нафар ҳамширага олий ҳамшира дипломи топширилгани ва 60 нафарга яқин профессор ва докторлар ўз тажрибаларини ўртоқлашиш мақсадида Ўзбекистонда бўлишганини маълум қилди. У жорий йилда бу кўрсаткични 100 нафарга етказиш режалаштирганини билдиракр экан, Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.