ТОШКЕНТ, 9 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун эрталаб Ўзбекистондан Туркиядаги ҳалокатли зилзиладан энг кўп жабрланган аҳоли пунктларидан бири - Газиантеп шаҳрига бортида турк халқига гуманитар ёрдам жамланмаси юкланган учинчи самолёт келиб қўнди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда навбатдаги гуманитар ёрдам жамланмаси ҳам етказилди.
Жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган. Ушбу дала шифохонаси Ўзбекистондан келтирилган барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Ўзбекистондан иккита самолёт Адана ва Газиантеп шаҳарларига гуманитар ёрдам ҳамда қутқарувчилар гуруҳини етказган эди.
Ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган фуқароларимизга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган бўлиб, унга қуйидаги рақам орқали мурожаат қилиш мумкин: +90-538-035-85-34.
Фавқулодда вазифтлар вазирлигидан (ФВВ) маълум қилинишича, сўнгги соатларда Ўзбекистон ФВВ ходимлари вайроналар остидан яна 2 кишини тирик ва 5 нафар ҳалок бўлганларни олиб чиқишга муваффақ бўлди. Шундай қилиб, қутқарув операцияси бошланганидан буён қутқарувчиларимиз томонидан 13 нафар жароҳатланган ва 38 нафар ҳалок бўлганлар вайроналар остидан олиб чиқилди.