Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркияда Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати илмий-амалий семинар ташкил этилди


Туркияда Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати илмий-амалий семинар ташкил этилди

АНҚАРА, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 14 февраль куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан Туркияда буюк аждодимиз ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб маданий бойликлар ҳақида фикр алмашиш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси қошида ташкил этилган “Ўзбек тили дўстлари” клуби, Туркиядаги Анқара, Гази, Башкент университетлари профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Семинар давомида Туркияда Бобур ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни ўрганишга бағишланган илмий-тадқиқотлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Буюк аждодимиз меросини, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатидаги фаолиятини кенг ўрганиш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этишнинг аҳамияти таъкидланди.

Тадбир иштирокчиларидан бири, туркиялик бобуршунос олимлардан бири, профессор Али Фуат Билгин ўз интервьюсида, жумладан, қуйидаги фикрларини билдирди: “Туркиядан Ўзбекистондаги қардошларимизга ва дўстларимизга оташин салом йўллаймиз. Барчамизга маълумки, бу йил Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги нишонланмоқда. Ўзбекистон ҳукумати Бобур таваллуди санасини кенг миқёсда нишонлаш тўғрисида ажойиб қарор қабул қилди. Буни эшитиб, туркиялик бобуршунос сифатида жуда хурсанд бўлдим. Бобур Мирзо – Амир Темурнинг набира авлодларидан бири эканини биламиз. 1526 йилда Ҳиндистондаги Лодилар сулоласини мағлуб этиб, Ўрта Осиёнинг  чиғатой тили, маданияти ва Темурийлар давлатчилигини шимолий Ҳиндистонга олиб келди. Бу ерда чиғатой маданияти ҳамда Темурийлар сиёсий ҳукмронлиги қарор топиб, аввал Бобурнинг, кейин унинг ўғли Ҳумоюннинг ҳомийлигида чиғатой тилида шеърлар ёзилган, Алишер Навоийнинг ҳам асарлари таъсирида ушбу ҳудудда жуда бой адабий муҳит юзага келган. Ушбу муҳитга Бобуриннг ўзи етакчилик қилган ва ажойиб бир девон ёзган. Бобурнинг муҳим асарларидан яна бири Убайдуллоҳ Аҳрор қаламига мансуб Рисолайи волидия” асарининг чиғатой туркийсига ўгирган таржимасидир. Бобур ўзининг шеърларида ҳам, насрий асарларида ҳам доимо ўзининг Темурийлардан эканига урғу беради. Бобурнинг Шимолий Ҳиндистонга келиши билан бу ерда чиғатой туркий тили кенг ёйилган. Бобурнинг ўзи, унинг саройидаги аслзодалар, санъат ва адабиёт намоёндалари чиғатой туркийсида қалам тебратганлар. Бу ҳолат А.Навоий сардорлигида жонланган туркий тилнинг жўғрофий жиҳатдан нақадар кенг тарқалганини ва таъсирли бўлганини кўрсатади. Ҳатто ўша даврларда Сайди Али Раис номли Усмоний давлатининг бир денгизчиси Ҳиндистон ярим оролига бориб қолган ва у ерда барчанинг чиғатой туркий тилида шеър ёзаётганига гувоҳ бўлган. У қарор топган бу муҳитдан шунчалик таъсирланганки, натижада ўзи ҳам чиғатойчада шеър ёза бошлаган. Деҳлига, Агра ва бошқа ҳудудларга борган Сайди Али Раисни охири Ҳумоюннинг ҳузурига олиб келишади. Бир Усмоний фуқаросининг қисқа муддатларда чиғатой тилини ўрганиб, шеър ёза бошлаганини кўрган Ҳумоюн у билан дўстлашиб, суҳбатдош бўлган. Хулоса қилиб айтганда, туркий қўмондонлардан Маҳмуд Ғазнавий, кейинчалик Амир Темур томонидан Ҳиндистонда асос солинган маданий муҳит вақт ўтиши билан Бобурнинг ҳам ташаббуси билан янгидан жонланган ва бу ерда Чиғатой маданияти, санъати ва адабиёти гуллаб-яшнаган. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни турк олимлари номидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан қутлайман”.