Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ва туркия ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда


Ўзбекистон ва туркия ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда

not found

Ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Халқларимизнинг тарихий илдизлари бир, бугунги орзу-интилишлари муштарак. Туркий тилда сўзлашувчи халқларимизнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин.

Туркия Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Бу йил икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганига 31 йил тўлди. 1992 йил апрель ойида Ўзбекистонда очилган хорижий элчихоналарнинг биринчиси Туркияники бўлса, 1993 йил январь ойида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси иш бошлади.

Ўтган даврда икки томонлама муносабатларимиз сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига кўтарилди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари очилмоқда. Стратегик сиёсий алоқаларнинг жадал ривожланишида Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг улкан ҳиссаси бор.

Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугун изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган.

Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати натижасида кейинги йилларда муносабатларимиз янги босқичга чиқди. Айниқса, мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати икки томонлама ҳамкорликни янада юқори даражага кўтарди. Бу икки қардош халқ тарихий тараққиётнинг барча эврилишларига қарамай, шиддат билан ўзгараётган дунёда рақобатбардош бўлиб қолиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширган ҳолда ўз миллий давлатчилигини матонат ва меҳнатсеварлик билан мустаҳкамлаб келмоқда.

Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимиз бугунги кунда Марказий Осиёда Туркиянинг асосий шерикларидан бири ҳисобланиб, Ўзбекистоннинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасида нафақат икки томонлама муносабатлар фаол ривожланмоқда, балки ўзаро парламентлараро мулоқотлар ҳам анча фаоллашди. Зеро, бу ҳамкорлик парламент дипломатиясининг мавқеини юксалтиришга замин яратади. Шу маънода,  Президентимиз 2017 йилда Туркияга давлат ташрифи давомида ушбу мамлакат парламенти – Буюк миллат мажлисига ҳам ташриф буюргани муҳим воқелик бўлган эди. Туркия парламентидаги муҳим мулоқотлар жараёнида икки мамлакат парламентлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати шакллари бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинганди.

Аҳамиятлиси, Олий Мажлиснинг Туркия парламенти билан алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон–Туркия парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилганди. Бугунги кунда жаҳон сиёсатида парламентлар ўртасидаги алоқалар тобора юксалиб бормоқда. 2017 йилги ташриф чоғида Президентимиз Туркиянинг Буюк миллат мажлисида нутқ сўзлаган бўлса, 2018 йилда мазкур анъанани Туркия раҳбари давом эттириб, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида чиқиш қилди. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик нақадар юқори даражага кўтарилганининг ёрқин ва амалий ифодасидир.

Туркия билан барча соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатлар ривожлантирилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бугунги кунда мустаҳкамланиб бораётгани, албатта, ўзаро муносабатларимизнинг янада кенгайишига хизмат қилаётир.

Президентимиз Туркия Президенти таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этиш учун 15-16 март кунлари амалий ташриф билан ушбу давлатда бўлди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари саммитда ўткир, долзарб ва аниқ таклифлар, амалий ташаббусларни илгари сурди.

Бу ташаббуслар ташкилот доирасида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга замин яратади. Хусусан, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ташкилотнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ва унинг асосида қатор аниқ механизмларни яратиш таклиф этилди.

Илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамай, табиий офатларни хавфини олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара беради. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан ташкилот доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш ташаббуси илгари сурилгани айни муддао бўлди.

Умуман олганда, сўнгги олти йилда ўзбек-турк алоқаларида мазмунан юз йилликларга татигулик инқилобий ўзгаришлар ясаш учун мустаҳкам тамал тоши қўйилди. Мазкур ташриф икки давлат муносабатларини юқори даражага олиб чиқиш билан бирга, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан бойитган ҳолда, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янада юқори босқичга кўтаради.

 

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати