Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

ТДТнинг Анқара саммити — туркий давлатларнинг дўстлик ва бирдамлиги нақадар қудратли кучга эга эканининг яққол амалий тасдиғидир


ТДТнинг Анқара саммити — туркий давлатларнинг дўстлик ва бирдамлиги нақадар қудратли кучга эга эканининг яққол амалий тасдиғидир

АНҚАРА, 19 март. /«Дунё» АА/. Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15-16 март кунлари  ушбу мамлакатга бўлиб ўтган амалий ташрифи ва Туркий давлатлар ташкилотининг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган фавқулодда саммитидаги иштироки тафсилотларини кенг ёритаётир, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Жумладан, давлатимиз раҳбари ташрифи ҳақидаги туркум  хабарлар Туркия Президенти веб-сайтида, мамлакатнинг асосий расмий ахборот агентлиги «Anadolu Ajansı» ва «TRT Avaz» телеканали, Sabah», «Milliyet», «Yeni Shafak», «ABC», «Akit», «DIK», «Haber», «Seta», «SRI Turk», «Aksham» газеталари  томонидан эълон қилинди.

Туркия ОАВда жойлаштирилган мақолаларда Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарада бўлиб ўтган саммитида нутқ сўзлагани ва ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этгани қайд этилган. Бундан ташқари,  нашрларда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Туркиянинг кучли зилзила содир бўлган ҳудудларида  бир қатор объектлар қурилишини ўз зиммасига олишини  айтиб ўтганига алоҳида эътибор қаратилган.

«Ўзбекистон Президенти, шунингдек, бугунги саммитимиз, ҳозиргина намойиш этилган видеолавҳа энг мушкул дамларда биз бир-биримизга мустаҳкам таянч ва суянч бўлиб келаётганимиз, дўстлик ва бирдамлигимиз нақадар қудратли кучга эга эканининг яққол амалий тасдиғидир, дея таъкидлади», деб ёзади манбалар.

Туркия оммавий ахборот воситалари давлатимиз раҳбари маърузаси матнидаги қуйидаги сўзларга алоҳида эътибор қаратмоқда: «Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, биродар халқларимиз минг йиллар давомида турли мураккаб вазият ва муаммоларни ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик билан мардона енгиб ўтганлар. Ўзбекистон халқи дўстларимиз бошига тушган оғир кунларда «Туркия, биз сен билан биргамиз!» дея бир тану бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди. Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз».

Мазкур мақолаларда, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирги синовли даврда қардош турк халқи ўзининг беқиёс жасорати ва мардлиги, метин иродаси ва юксак сафарбарлик руҳи билан Туркия етакчиси атрофида жипслашаётгани ҳақидаги сўзлари ҳам қайд этилган.

«Барчамиз сизларга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучимизни йўналтиришга тайёрмиз. Жумладан, биз зилзила марказларидан бири бўлган ва қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз», дея Ўзбекистон етакчисининг сўзларидан иқтибос келтиради Туркия нашрлари.

Ушбу мамлакат оммавий ахборот воситалари  таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари ишчи гуруҳларни шакллантириш, туркиялик ёшларнинг Ўзбекистонга саёҳатини ҳамда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларга мазмунли ҳордиқ чиқариш учун экскурцияларни,  ТДТ Тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ва унинг асосида қатор аниқ механизмларни яратиш ташаббусларини илгари сурди.

Мазкур мақолаларда ёзилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда Туркия Республикаси ташкил топганининг қутлуғ 100 йиллиги кенг нишонланишига алоҳида эътибор қаратди.  

«Ҳеч шубҳасиз, сўнгги йигирма йилда қардошим, муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида Туркия Жумҳуриятининг халқаро майдондаги обрў ва нуфузи кескин юксалди. Давлатнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатдаги ўрни ва таъсири изчил ортиб бормоқда, деди Ўзбекистон  Президенти», деб ёзади манбалар.

«Барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирамиз. Бизнинг ана шу умумий истагимиз бугун қабул қилинаётган Анқара декларациясида ўзининг ифодасини топиши айни муддаодир», дея давлатимиз раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради Туркия ОАВ.