Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Пойтахтимизда иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади


Пойтахтимизда иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади

ТОШКЕНТ, 27 апрель. /«Дунё» АА/. Бугун пойтахтимиздаги Конгресс-холлда иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё»  АА мухбири.

 

Ўзбекистон Президенти  Шавкат Мирзиёев форум ялпи мажлисида  иштирок  этди  ва маъруза қилди.

Форум мамлакатимизнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, бошқа давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Турли мамлакатлар вакилларининг иштироки тажриба ва билим алмашиш, ҳамкорлик географиясини кенгайтириш имконини бермоқда.

Тошкент халқаро инвестиция форумининг жорий йилги тадбирлар дастури жуда бой. Ялпи мажлис, 28 та панель сессия ва давра суҳбатлари, қатор йирик инвестиция келишувлар ва савдо шартномаларини имзолаш маросимлари, ишбилармонлик дунёсининг долзарб мавзулари, жумладан, инвестиция секторини ривожлантириш тенденциялари, молия институтларини рақамлаштириш ва замонавий пул-кредит сиёсати бўйича  мунозаралар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Уларда 150 дан ортиқ маърузачилар – етакчи халқаро компаниялар, жамғармалар раҳбарлари, қатор мамлакатларнинг таниқли иқтисодчилари ва экспертлари иштирок этади. Улар жаҳон сармояси тенденциялари, «яшил» энергетикани ривожлантириш истиқболлари, электрон тижорат ва халқаро миқёсда иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва  бошқа кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қиладилар.

Ялпи сессияда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси — Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров, БМТ Бош котибининг ўринбосари Ольга Алгаерова, БАА энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий, Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь ва бошқа расмий шахслар қатнашмоқда.

Биринчи ТХИФ 2022 йилда бўлиб ўтди ва ушбу форум эришилган келишувлар нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди. Хусусан, 7,8 миллиард долларлик шартномалар ва инвестиция битимларининг мустаҳкам пакети имзоланди. Томонлар 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишувларга эришди.

Бу йилги инвестиция форумида ушбу кўрсаткичларни янгилаш ва яхшилаш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. ТХИФ-2023да АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, МДҲ, Туркия, Хитой, Жануби-Шарқий Осиё, Ҳиндистон, Миср ва Яқин Шарқ каби мамлакатлардан 2,5 мингга яқин ишбилармон доиралар ва банк-молия соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Таққослаш учун, ўтган йили 1,5 мингдан ортиқ киши иштирок этиш учун ариза топширган.

Форум иши 200 дан ортиқ ОАВ вакиллари томонидан ёритиб борилмоқда, шундан 100 га яқини хорижликдир.

ТХИФ-2023 майдонида G2G, G2B ва B2B форматларида икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилади, улар доирасида устувор лойиҳалар ҳамда келгусида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.