АНҚАРА, 28 апрель. /«Дунё» АА/. Туркия ишбилармон доира вакиллари «Дунё» АА учун интервьюсида кеча ўз ишини бошлаган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билдиришди:
Илкер Медени, Ўзбекистоннинг Адана вилоятидаги фахрий консули, «Medeni Baskül» компанияси бошқарув кенгаши раиси:
-Тошкент халқаро инвестиция форуми сармоялар оқими учун минтақавий рақобатда катта устунлик тақдим этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон улкан ислоҳотлар натижасини амалда кўрмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, қисқа давр мобайнида илғор хорижий тажриба ва инвестициялар ҳисобидан саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг рақобатбардошлигига эришилди ва яқин келажакда халқаро майдонда ўз сўзини айтишга тайёр ҳолга келди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида кенгайиб бораётган саноат ва агро кооперация алоқалари бизнес вакилларининг иқтисодий самарадорлигини бир неча баробарга оширади.
Ўзбекистон «яшил иқтисодиёт»га ўтиш йўлида ўз ишлаб чиқариш қувватларига таянаётганлиги катта таҳсинга сазовор. Ушбу йўналишдаги сайъ-ҳаракатлар Ўзбекистонда катта технологик «сакраш»ни амалга оширишга йўл очади.
Октай Мерсин, Туркиянинг Жанубий Эге ҳудуди саноат ва иш одамлари федерацияси бошқарув кенгаши раиси, «SADIK» компанияси бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари:
-Ўзбекистоннинг пойтахтида ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида давлат раҳбари, 70 дан зиёд мамлакатлардан иштирок этган халқаро молия институтлари вакиллари ҳамда корхона раҳбарларининг иштироки мазкур тадбирнинг юқори нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу форумнинг очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, дунё иқтисодиёти ҳозирги вақтда халқаро майдонда давом этаётган мураккаб ва таҳликали жараёнлар ва ўзгаришлар сабабли жиддий синовдан ўтмоқда.
Мазкур анжуман Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришга ва мамлакатга янги сармоядорларни жалб қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади деган умиддаман.
Ташқи савдони эркинлаштириш бўйича қўйилган қадамлар, шу жумладан, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилиниши, божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши Ўзбекистоннинг рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқади.
Ўзбекистон сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожланаётганини алохида таъкидлаб ўтиш лозим. Давлат раҳбари томонидан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодиёти энг юқори диверсификация қилинган мамлакат сифатидаги мақомини янада мустаҳкамламоқда.
Хусусий мулкчилик бозор мунобатларини янада ривожлантиришда муҳим шартлардан бири ҳисобланади.
Икки мингдан ортиқ давлат мулкининг ва айниқса стратегик аҳамиятга эга кўплаб объектларнинг хусусийлаштирилиши, бошланган сиёсатларнинг ортга қайтмас тус олганлигидан далолатдир.