АНҚАРА, 17 май. /«Дунё» АА/. Туркиянинг «Ziraat Bank Uzbekistan» бош директори Зафер Жанполат «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида Бугун Самарқанд шаҳрида бошланган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилари кенгашининг 32-Йиллик йиғилиши ҳақидаги фикларини баён қилди:
- ЕТТБ Бошқарувчиларининг Самарқандда бўлиб ўтаётган Йиғилиши Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар руҳига ҳамоҳангдир.
Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи авваламбор, ҳамкор давлатлар, жумладан, узоқ хориж давлатлари билан очиқлик ва ўзаро ишонч сиёсати туфайли мустаҳкамланиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Жорий йилнинг 16-18 май кунлари Ипак йўлининг тарихий маркази Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 18-йиллик Йиғилишини ташкил этиш ва дунёнинг йирик хорижий молия институтлари ҳамда етакчи корпорациялари раҳбарларидан иборат делегатларнинг иштироки, халқаро бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
ЕТТБнинг «Барқарорлик учун сармоя киритиш» шиори остида ўтказилаётган ушбу тадбири, шубҳасиз, дунёда ноаниқликлар туфайли кучайиб бораётган иқтисодий хатарларни бартараф этиш бўйича аниқ режаларни шакллантиришга замин яратади.
Ишончим комилки, Йиғилиш натижалари минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш ва бутун Марказий Осиё минтақаси фаровонлигига катта ҳисса қўшади.