АНКАРА, 24 май. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқарув раиси Ҳикмет Эрен «Дунё» АА учун интервьюсида Сингапур Президенти Ҳалима Яқубнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Жуда муҳим ташриф, чунки Сингапур томони учун бу икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан кейин 25 йил ичида Тошкентга амалга оширилган биринчи олий даражадаги ташрифдир.
Бундан ташқари, ушбу ташриф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Сингапурга тарихий сафари чоғида фундаментал пойдевор қўйилган кўп қиррали муносабатларни чуқурлаштиришнинг мантиқий давоми бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол иқтисодий сиёсати туфайли Ўзбекистон-Сингапур муносабатлари, айниқса, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда сезиларли ютуқларга эришди.
Сингапур ҳам Ўзбекистон учун энергетика, транспорт, кимё ва тўқимачилик саноати, шаҳарсозлик, таълим ва бошқа муҳим соҳаларда 3,8 миллиард долларлик лойиҳалари билан мамлакатингизнинг энг йирик инвесторлари қаторидан жой олди.
Сингапурнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, ташриф чоғида имзоланган икки томонлама гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва тегишли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувлар инсон капиталини ривожлантириш, айниқса, давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида хизмат қилади.
Ишончим комилки, расмий Сингапурнинг Ўзбекистондаги ўз университетлари фаолиятини қўллаб-қувватлаши, шунингдек, икки мамлакат ўртасида мунтазам маданий-маърифий ва сайёҳлик алмашинувининг фаоллашиши Ўзбекистон-Сингапур гуманитар алоқаларини ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг яқинлашувида кучли рағбат бўлиб хизмат қилади.