ИСТАНБУЛ, 30 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари «DHA» (Demirören haber ajansı) ахборот агентлиги бош директори Желал Коркут билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда, шунингдек, «DHA» бош директорининг ўринбосари Булент Оважик ҳамда Янги медия ва корпоратив хабарлар бўлими мудири Доғукан Унал иштирок этди.
Суҳбат аввалида бош консул Амирсаид Агзамходжаев турк томонини мамлакатимизда кечаётган муҳим ислоҳотлар, Бош қомусимизга киритилган ўзгартишлар ва жорий йил 9 июль кунига белгиланган муддатидан илгари Ўзбекистон Президентлиги учун сайловлар мазмун-моҳияти билан таништирди.
«DHA» АА бош директори Желал Коркут Ўзбекистон ва Туркия ўртасида барча соҳаларда ўрнатилган жуда яқин алоқаларни юқори баҳолади. Шу муносабат билан у «DHA» АА Ўзбекистоннинг етакчи ОАВ билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот якунида «DHA» раҳбариятини Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш, ташриф доирасида мамлакатимизнинг етакчи ОАВ мутасаддилари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор учрашувлар уюштириш ва агентлик платформаларида юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган материалларни мунтазам эълон қилиб бориш тўғрисида келишиб олинди.