АНҚАРА, 3 июнь. /«Дунё» АА/. Анқара Инқироз ва сиёсат тадқиқот маркази «ANKASAM» директори Меҳмет Сейфеттин Эрол «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида 2 июнь куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларининг иккинчи учрашуви якунларини изоҳлади:
– Мен Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишини, айниқса, Ўзбекистоннинг ЕИ билан фаол ҳамкорлигини катта қизиқиш билан кузатаман.
Саммит доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан музокаралари Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини ташқи сиёсат соҳасида амалга оширишнинг мантиқий давоми бўлди.
Европа Кенгаши Президенти Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёноти, шунингдек, конституциявий референдумнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаши юқоридаги фикрнинг ёрқин тасдиғидир.
Ўзбекистон ва ЕИ раҳбарларининг музокараларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш, «GSP+» имтиёзли савдо режими давомийлигини узайтириш, самарали транспорт йўналишларини, биринчи навбатда, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Ишончим комилки, «яшил» энергия, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ҳамда лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштириш нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.