АНКАРА, 10 июнь. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Италияга расмий ташрифи якунлари ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Ўзбекистоннинг янги иқтисодий сиёсати шарофати билан Ўзбекистон-Италия муносабатлари, айниқса, савдо-иқтисодий йўналишда реал тараққиётга эришди.
Бу галги ташриф ва олий даражадаги эришилган келишувлар икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда мавжуд имконият салоҳиятидан келгусида тўлиқ фойдаланишдан Ўзбекистон ва Италия манфаатдор эканидан далолат беради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, бизнес юритиш ва сармоявий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир. Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Италия учун тобора истиқболли иқтисодий ҳамкорга айланиб бормоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши ва Италиянинг 54 та йирик компаниясининг республикада муваффақиятли фаолият юритаётгани ҳам икки давлат бизнес тузилмалари ўртасидаги самарали ҳамкорликдан далолат беради.
Ишончим комилки, ташриф якунлари, жумладан, энергетика, металлургия, қурилиш материаллари саноати, соғлиқни сақлаш ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувлар Ўзбекистон-Италия муносабатларини янада ривожлантириш учун кучли туртки бўлади.