Мамлакатимиз етакчисининг 18 июнь куни Эронга буюрган расмий ташрифи якунларини баҳолар экан, «SASAM» стратегик тадқиқотлар маркази директори, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг (парламенти) Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси эксперти Месут Эмре Каракосе “Дунё” ахборот агентлигига қуйидаги фикрларини билдирди:
- Мен ушбу ташрифни диққат билан кузатдим. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тарихий ташрифи давомида Ўзбекистон ва Эрон етакчилари икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Эрон раҳбарларининг икки томонлама савдо ҳажмини ошириш, шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни биргаликда мувофиқлаштириш бўйича музокараларининг якунлари бўйича эришилган келишувлар катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этишни истар эдим.
Ўзбекистон ва Эроннинг Марказий Осиёни Эрон билан боғлайдиган энг қисқа транспорт-логистика йўлаги бўлган “Шимол-Жануб” халқаро йўлагидан фойдаланиш истиқболларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Эроннинг 200 нафардан ортиқ тадбиркорлари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон-Эрон бизнес форуми натижалари ҳам юқори баҳога лойиқдир. Томонлар энергетика, кимё саноати, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, асбобсозлик ва электротехника соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар.
Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистонда барқарорликни таъминлаш масаласига устувор эътибор қаратилаётир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Эрон етакчиларининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича мулоқотни давом эттириш юзасидан эришган келишуви Ўзбекистон раҳбарининг тинчликсевар минтақавий сиёсатининг мантиқий давоми бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўзбекистон ва Эроннинг халқаро терроризм, наркотрафик, кибертерроризм, одам савдоси каби умумбашарий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашда халқаро ташкилотлар доирасида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиши минтақавий хавфсизликни таъминлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилишига ишончим комил.