АНҚАРА, 4 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига муносиб тайёргарлик кўриш доирасида «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, даб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда ушбу мамлакатда вақтинча бўлиб турган ватандошларимиз иштирок этишди.
Учрашув давомида мамлакатимиз мустақиллигига эришиш жараёни, уни асраб авайлаш, истиқлол тушанчасининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр алмашилди. Қадим даврлардан бери турли тамаддунларнинг чорраҳасида тобланган миллий давлатчилигимиз тарихида 1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшаётгани, ўзбек халқининг тарихига хос буюк давлатчилик асослари барпо этилаётгани қайд этилди. Хусусан, жорий йил апрель ойида референдум орқали қабул қилинган янгиланган Конституциямиз Янги Ўзбекистон давлатчилигининг муҳим даврини бошлаб бергани алоҳида урғуланди.
Тадбирда сўз олган ватандошларимиз Ватан қадрини, ҳурриятнинг аҳамиятини хорижда бўлиб турган киши янада теранроқ идрок этишини айтиб ўтдилар. Айниқса, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан хориждаги фуқаролар билан яқин мулоқот олиб бориш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, ватандошларимизнинг фарзандлари учун ўзбек тили курсларини ташкил этиш каби йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни миннатдорлик билан қайд этдилар.
Учрашувда фуқароларимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш қаратилган муҳим ва ортга қайтмас ислоҳотлар, хусусан куни кеча жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган муҳим вазифалар таъкидланди. Ватандошлар муҳокамалар давомида мазкур ҳужжатга қўшимча таклифлар киритишлари мумкинлиги билдирилди.
Давра суҳбати давомида, шунингдек, ватандошларимизга мамлакатимиз мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик байрами доирасида дипломатик миссия томонидан ташкил этиладиган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.