АНҚАРА, 8 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги байрами тантаналари арафасида Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро рақс ва мусиқа ансамбли ҳамда таниқли хонанда Холмурод Хоринов Туркиянинг Караман шаҳрида ташкил этилган «Турк дунёси» халқаро фестивалида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Фестивалда Ўзбекистоннинг бой миллий маданий меъроси ва санъати кенг намойиш этилди.
Бухоро рақс ва мусиқа ансамбли ҳамда Холмурод Хоринов томонидан ижро этилган ўзбек миллий қўшиқлари ва рақслар турк томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинди ва уларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Фестиваль доирасида «Ўзбекистон туркий дунё фотографлари нигоҳида» номли фотокўргазманинг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда Караман шаҳар ҳокими Саваш Калайжи, «TÜRКSOY» бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф ва шаҳар Кенгаши аъзолари иштирок этди.
«TÜRКSOY» Бош котиби ўринбосари Саваш Юсуф кўргазмасининг очилиш маросимидаги нутқида «Ўзбекистон туркий дунё фотографлари нигоҳида» кўргазмаси мамлакатларимиз тарихи, сайёҳлик салоҳияти ва қадимий обидалари билан бир қаторда туркий халқлар турмуш тарзи, анъана ва урф-одатлари, ҳунармандчилиги ва маънавий қадриятларини кенг тарғиб этишга ҳисса қўшишини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳудудларининг гўзаллигини ўзида акс этган суратлар меҳмонлар ва санъат ихлосмандларига катта қизиқиш уйғотди.