Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Самарқандда ТДТ давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва Туркий тиббиёт конгресси ўз ишини бошлади


Самарқандда ТДТ давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва Туркий тиббиёт конгресси ўз ишини бошлади

ТОШКЕНТ, 16 август. /«Дунё» АА/. Бугун Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) аъзо мамлакатлар  соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва 9-Туркий дунё тиббиёт конгресси ўз ишини бошлади, деб  хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

 

Унда ТДТга аъзо мамлакатлар ва Татаристон соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этмоқда.

Конгрессни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кириш сўзи билан очиб берди ва  бугунги тадбирнинг аҳамияти, мақсадлари ва кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ТДТ бош котиби Кубанычбек Омуралиев сўзга чиқиб, тадбир меҳмонларини табриклади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ўз чиқишида, бугунги тадбир кўҳна Мовераннаҳр заминида таваллуд топган буюк олим, замонавий тиббиёт асосчиси, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино таваллуд куни муносабати билан ўтказилаётганини таъкидлади. «Ибн Сино ўз кашфиётлари билан тиббиётнинг анатомия, психология, фармакология, терапия, жарроҳлик, диагностика, гигиена каби соҳаларини янги босқичга олиб чиқди. Унинг минг йил аввал касалликларни аниқлаш, даволаш ва олдини олиш бўйича берган кўрсатмалари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, бунга инсоният қайта-қайта амин бўлмоқда», - деди  вазир.

Анжуманда, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари, етакчи олий тиббиёт таълим муассасалари ректорлари ва профессор-ўқитувчилари, нуфузли тиббиёт клиникалари, илмий-тадқиқот институтлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, йирик фармацевтика ва тиббиёт компаниялари раҳбарлари, бутун дунёдан олимлар иштирок этмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва иштирокчи давлатларнинг тиббиёт фанларини ривожлантириш борасидаги мавжуд салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қиладилар.

Форум 17 августга қадар давом этади.