АНҚАРА, 21 август. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен (Туркия) «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг Венгрияга 18-19 август кунлари амалга оширган амалий ташрифи якунлари ҳақида ўз фикрларини билдирди:
- Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатининг янги вектори туфайли Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди ва савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда бошқа йўналишларда икки томонлама ҳамкорликда ҳақиқий тараққиётга эришилди.
Ўзбекистон етакчисининг Будапештга бу галги амалий ташрифи ва олий даражадаги келишувлар натижалари Ўзбекистон-Венгрия кўп қиррали муносабатлари чуқурлашганидан, ҳали фойдаланилмаган икки давлатнинг истиқболдаги бой салоҳияти имкониятларидан далолат беради.
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва улар давом этмоқда. Мазкур ўзгаришлар иқтисодиётни либераллаштириш, бизнес юритиш ва сармоявий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг натижасида Ўзбекистон Венгрия учун тобора истиқболли иқтисодий ҳамкорга айланиб бормоқда. Ушбу фикримни «Bonafarm», «Gedeon Richter», «Meditop», «Wizz Air» ва бошқа кўплаб йирик венгер компанияларининг Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларда фаол иштирок этаётгани тасдиқлайди.
Мамлакатингиз етакчиси раҳнамолигида амалга оширилаётган тарихий шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳияти ва Ўзбекистоннинг бой маданиятининг халқаро жозибадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Шу нуқтаи назардан, икки давлат пойтахтлари – Тошкент ва Будапешт шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилгани ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашуви ва сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19-20 август кунлари Будапештга ташрифи ва унинг якунлари бўйича эришилган мустаҳкам келишувлар тўплами Ўзбекистон-Венгрия савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантиришга ҳамда икки халқ манфаатлари учун кучли туртки бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.