АНҚАРА, 24 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Мустақиллигининг 32 йиллигини нишонлаш арафасида мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ва Анқара шаҳри Кечиорен тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Анқарада Ўзбекистон амалий санъати кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТУРКСОЙ га аъзо давлатларнинг анъанавий амалий санъатига бағишланган кўргазмаси доирасида ўтказилган тадбирда ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Кечиорен тумани ҳокими Тургут Алтинок, Адолат ва тараққиёт партияси Анқара шаҳри депутати Зейнеп Йилдиз, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг Анқарадаги элчихоналари ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.
Кўргазмада Туркия жамоатчилигига Ўзбекистоннинг тарихи, маданий мероси ва урф-одатларини акс эттирувчи суратлар, миллий либослар ва чолғу асбоблари намойиш этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 сентябрида Ўзбекистон Мустақиллигининг 32 йиллиги нишонланиши, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилди.
Адолат ва тараққиёт партияси депутати Зейнеп Йилдиз ўз нутқида меҳмонлар эътиборини туркий давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳимлиги, айниқса Ўзбекистон ва Туркия маданиятларининг ўхшашлиги ва уйғунлигига алоҳида эътибор қаратиб, мазкур кўргазмада намойиш эътилаётган Ўзбекистон бой маданияти ҳақида маълумот берувчи ўзбек амалий санъати намуналари унда унутилмас таассурот қолдирганини қайд этди.
Анқара шаҳри Кечиорен тумани ҳокими Тургут Алтинок Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан муборакбод этиб, барчага тинчлик-хотиржамлик ва янги зафарлар тилади.
«Биз борлигимиз, бирлигимиз, урф-одатларимиз ва тарихимизнинг маданий меросини азиз фуқароларимиз билан биргаликда туркий республикаларининг анъанавий ҳунармандчилиги кўргазмасини ўтказаётганимиздан ғурурланамиз», - дея таъкидлади у.
Тадбир якунида ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев Ўзбекистон томони ва барча иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, Туркий маданий меросининг нақадар бой тарих ва маданиятга эга эканлигини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар онгига етказишда бу каби тадбирлар муҳим рол ўйнашини урғулади.