ТОШКЕНТ, 26 август. /«Дунё» АА/. Ташқи ишлар вазирлигида Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ойбек Шахавдинов ва Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Риза Тезжан ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида ТИКА томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Туркия билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, Агентлик билан ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини янада тараққий эттиришга қаратилган лойиҳаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар турли йўналишларда конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлашга тайёр экани билдирди.