Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Истанбулда Ўзбекистон мустақилликнинг 32 йиллигига бағишланган байрам шодиёнаси бўлиб ўтди


Истанбулда Ўзбекистон мустақилликнинг 32 йиллигига бағишланган байрам шодиёнаси бўлиб ўтди

ИСТАНБУЛ, 12 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ташаббуси билан Истанбул шаҳридаги «Турк дунёси маҳалласи»да Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига  бағишланган байрам тантаналари ташкил этилди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Байрам маросимини ўтказишда «Uzbekistan Airways» ваколатхонаси, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси, «Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик» ва «Ўзбек хотин-қизларини ҳуқуқини ҳимоя қилиш» жамиятлари, Ўзбекистон умумжаҳон ёшлар ассоциациясининг Туркиядаги вакили ҳамда Истанбул вилоят ҳокимлиги яқиндан ёрдам кўрсатди.

Унда  Туркияда  вақтинча  ишлаётган ва  таълим олаётган  ватандошлар, Истанбул  вилояти ва  шаҳри  раҳбарлари ҳамда маҳаллий  аҳоли иштирок этди.

  Тадбирни бош консул Амирсаид Агзамходжаев қутлов  нутқи  билан  очиб берди. У юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган ватандошларимизни, илм сирларини эгаллаётган шижоатли ёшларимизни Мустақиллик куни билан чин  дилдан қутлади. Дипломат, шунингдек,  жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид нормаларнинг янада мустаҳкамлангани, янги Қомусимизнинг бош мақсади – халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароитлар яратиб бериш эканини таъкидлади.

Байрам тантанасида сўзга чиққанлар, шунингдек, мустақиллик неъматининг қадр-қимматини, қаерда бўлмасин ҳар бир ёш ўз миллий маданияти, тарихи, тили билан ғурурланиб, уларга ҳурмат ҳисси билан яшаши, аждодларга муносиб авлод бўлиши зарурлигини қайд этдилар.

Тантананинг маданий  қисмида  таниқли ўзбек миллий  ва  эстрада хонандалари Жаҳонгир Позилжонов, Адҳам Солиев, Камрон Собиров, Ҳожиакбар Рузметов, Зоҳид Юсупов томонидан  ижро этилган куй ва қўшиқлар  ҳамда сўз  усталари Элмурод Ҳакназаров ва Жавлон Шодмоновнинг  чиқишлари иштирокчиларга олам-олам завқ улашди.

Тадбир давомида мамлакатимизнинг сайёҳлик, сармоявий ва экспорт салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида кўргазма ташкил этилди. Шунингдек, меҳмонлар  учун алоҳида ўтов ўрнатилди. Унда дастурхон ёзилиб, иштирокчиларга миллий ўзбек таомлари тарқатилди.