АНҚАРА, 15 сентябрь. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий муносабатлари жамғармаси бошқарувининг раиси Ҳикмет Эрен 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви якунларини “Дунё” ахборот агентлигига қуйидагича изоҳлади:
- Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги яхши қўшничилик сиёсати туфайли сўнгги йилларда минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни сезиларли даражада ривожлантириш, қўшни давлатлар билан савдо ҳажмини ошириш, янги транзит йўлакларини шакллантириш, замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, ҳаво, темир йўл ва автобус транспортини алоқаларини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда кўпгина муваффақиятларга эришилди.
Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг Маслаҳат учрашувидаги нутқини ҳамда минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни яхшилаш, шунингдек, Марказий Осиёдаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган аниқ таклифларни катта қизиқиш билан кузатдим.
Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда тўлақонли эркин савдо зонасини тезроқ шакллантириш, шунингдек, минтақада узоқ муддатли саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ташаббусларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Минтақада барқарор савдо ва логистика занжирларини шакллантириш, трансчегаравий савдо ва кооперация марказларини очиш ҳамда кенгайтириш, қонунчиликни уйғунлаштириш, шунингдек, минтақавий электрон тижорат платформасини ишга туширишни назарда тутувчи мажмуавий минтақавий дастурнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, савдо-сотиқ равнақи учун кучли рағбат бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти томонидан Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш бўйича илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш, шубҳасиз, минтақа мамлакатларининг транспорт ва иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва "яшил" иқтисодиёт масалалари минтақавий ва халқаро кун тартибида долзарб аҳамият касб этаётганлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон раҳбарининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш муҳимлиги тўғрисидаги ташаббуси, шубҳасиз, минтақа мамлакатларининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаши билан бирга уларни экспорт қилиш имкониятини ҳам яратади.
Ишончим комилки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши минтақавий ривожланиш жараёнини жадаллаштиришга, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.