Туркиядан муносабат: Ўзбекистон–Германия алоқаларининг олий ва юқори даражадаги жадаллиги икки томонлама муносабатларнинг янги сифат даражасига кўтарилишига хизмат қилмоқда
АНКАРА, 30 сентябрь. /«Дунё» АА/. «SASAM» стратегик тадқиқотлар маркази директори, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг (Парламенти) эксперти Месут Эмре Каракосе «Дунё» АА учун шарҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга 28-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташрифи якунларини изоҳлади:

– Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси давлатларининг Германия билан ўзаро ҳамкорлиги ривожланиб бораётганини катта қизиқиш билан кузатаман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга бу галги ташрифи икки давлат ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган кўп қиррали муносабатлар, халқаро кун тартибидаги ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди.
Савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг янги сифат босқичига кўтарилишига айнан олий ва олий даражадаги Ўзбекистон-Германия алоқалари жадаллик билан хизмат қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашуви бўлиб ўтганини, унда инновациялар ва технологиялар, «яшил» иқтисодиёт, муқобил технологиялар соҳаларида Ўзбекистон-Германия муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мулоқот чоғида, шунингдек, энергетика, транспорт ва логистика, таълим ва маданият соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун кучли туртки бўлиши шубҳасиз.
Германиядаги халқаро ишбилармон доиралар вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар кейинги йилларда ўз самарасини исботлаб, хорижий инвесторлар эътиборини тортаётганини олқишламоқда. Ўзбекистон Президентининг Германиянинг қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлари, ўтказилган икки томонлама бизнес-форум ва унинг натижасида эришилган амалий келишувлар бунинг далилидир.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг иқтисодий локомотиви бўлган Германия билан алоқаларини чуқурлаштириш савдо ва сармоявий кўрсаткичлар ўсишига хизмат қилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони икки баравар ошди, Ўзбекистонда Германия капитали иштирокидаги корхоналар сони 220 тага етди.
Президентларнинг «Марказий Осиё – Германия» форматида амалий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишлари минтақавий кун тартибидаги масалалар бўйича «соатларни тўғрилаб олиш» нуқтаи назаридан ўз вақтида бўлди.
Ўзбекистон Президентининг «Марказий Осиё – Германия» форматидаги учрашувида амалий ҳамкорликнинг юқори технологиялар ва инновацион ривожланиш, транспорт коммуникациялари, «яшил» энергия, касб-ҳунар таълими, маданий ва илмий алмашинувлар каби йўналишлари устуворлигига алоҳида урғу берганини жуда муҳим, деб биламан.
Ишончим комилки, «Марказий Осиё – Германия» форматида олий даражадаги учрашув ўтказилиши ва унда Ўзбекистон Президентининг иштироки муносабатларни ривожлантиришнинг ижобий динамикасига хизмат қилади.