Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон Президенти Доҳада Бутунжаҳон кўргазмаси очилишида иштирок этди


Ўзбекистон Президенти Доҳада Бутунжаҳон кўргазмаси очилишида иштирок этди
 

 02.10.2023

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарга давлат ташрифи доирасида “ЭКСПО Доҳа – 2023” бутунжаҳон кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Тантанали тадбирда Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Ироқ, Яман ва қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

«ЭКСПО Доҳа» минтақада ўтказилаётган илк глобал “яшил” кўргазмадир. Тадбир “Яшил саҳро, янада яхши атроф-муҳит” шиори остида ўтказилмоқда ва келгуси йил март ойига қадар давом этади.

Форум иштирокчилари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экотизимларни ривожлантириш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини жорий қилиш, янги турдаги экинларни етиштириш, инновацион боғлар яратиш ва бошқа йўналишлардаги илғор технологиялар ва ютуқлар билан танишди.

Кўргазма доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий павильонида интенсив деҳқончилик ва чорвачилик, экологик менежмент соҳаларидаги энг янги технологиялар, мамлакатимиз боғдорчилик ва озиқ-овқат тармоқлари тақдимотлари намойиш этилган.