Туркиядан муносабат: Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришиш Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантиришга кучли туртки беради
АНҚАРА, 13 ноябрь. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евросиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен «Дунё» АА учун интервьюсида Италия Президенти Сержо Маттарелланинг 9-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги ташқи сиёсат стратегияси туфайли Ўзбекистон-Италия муносабатлари, айниқса, савдо-иқтисодий ва гуманитар йўналишларда бутунлай бошқача тус олди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ва олий даражадаги келишувлар натижалари икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликнинг ижобий динамикасидан далолатдир.
Таъкидлаш жоизки, Италия Президенти Сержо Маттарелла Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас ислоҳотларни юксак қадрлайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, айниқса, иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик ва сармоявий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароит яратилаётгани эътиборга моликдир.
Италия сармояси иштирокидаги 52 та корхонанинг муваффақиятли фаолияти ҳамда ушбу мамлакатнинг олтита компанияси ва Италия-Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ваколатхоналари давлатимизнинг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида аккредитация қилингани икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик тобора кучайиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан Италия учун савдода энг қулай давлат режимининг яратилиши жорий йилнинг 9 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 390 миллион АҚШ долларига етказиш имконини берди.
Ишончим комилки, Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришиш Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантиришга кучли туртки беради.