Туркиядан муносабат: Минтақадаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон раҳбарияти янги технологиялар ва инновацияларга таянмоқда
АНҚАРА, 4 декабрь. /«Дунё» АА/. Стратегик тадқиқотлар ва тараққиёт ассоциацияси бош котиби Юнус Эмре Канат (Туркия) «Дунё» АА учун шарҳида Ўзбекистон Президентининг Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги иштирокини изоҳлади:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг ялпи мажлисидаги иштироки Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши глобал курашга содиқлигини англатади.
Шубҳасиз, CОР28 платформаси Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси бўлган иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга, иқлим бўйича стратегияларни «яшил» энергия ўтишни молиялаштиришга қаратилган муҳим иқлим ташаббусларини бошлаш имконини берди.
Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси асосида Оролбўйи ҳудудини экологик офат зонасидан «инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақаси»га ташаббуси ғоят долзарбдир.
Шу ўринда Орол инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш, маҳаллий аҳоли ҳаёти учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидламоқчиман. Ўзбекистоннинг асосий экологик йўналишлари қатор стратегик ва дастурий ҳужжатлар билан белгиланган бўлиб, уларнинг мақсади аҳоли турмуш даражаси ва саломатлигини яхшилаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашдан иборат.
Шу билан бирга, минтақадаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш учун Ўзбекистон раҳбарияти янги технологиялар ва инновацияларга таянганлигининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Ўйлайманки, халқаро иқлим кун тартибини янгилаш фонида Ўзбекистон томонидан бу борада амалга оширилаётган узоқ муддатли сиёсат нафақат мамлакат, балки бутун минтақада экологик вазиятни янада яхшилашга хизмат қилади.
Назаримда, иқлим ўзгаришининг бандликка таъсирини моделлаштириш марказини ташкил этиш таклифи ҳам аҳоли турмуш даражаси ва саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.
Ишончим комилки, Ўзбекистон раҳбарининг барча ташаббуслари, жумладан, «Иқлим илмий форуми» ва «Иқлим миграцияси» мавзусидаги конференция, шунингдек, Ўзбекистонда CОР ёшлар анжуманини ўтказиш жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий қабул қилинади. Шунингдек, ушбу ташаббусларни амалга ошириш жаҳон ҳамжамиятининг ушбу ўта муҳим ва долзарб соҳадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиши сабабли, бу мамлакатларга ўзгарувчан иқлим шароитларига самарали мослашиш имконини беради.