Анқарада Бош қомусимиз қабул қилинган кунга бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди
АНҚАРА, 10 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида «Бош қомусимизнинг тарихий асослари» мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида иштирокчиларни Конституциямиз қабул қилинган кун билан табриклади ва 2023 йил Бош қомусимиз тарихида ўзига хос ўрин тутганини таъкидлади. Хусусан, жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми орқали янгиланган Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда сўнгги етти йилда эришилган ютуқларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Маълум қилинганидек, ушбу референдумда хориждаги хусусан, Туркиядаги Ўзбекистон фуқароларининг иштирокини таъминлаш учун мамлакатимиз ҳукумати томонидан барча шароитлар яратиб берилди.
Тадбирда Анқара университети тадқиқотчиси, тарих фанлари доктори Абдурашид Тўйчибаев «Бош қомусимизнинг тарихий асослари» мавзусида маъруза қилди. Унда Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг бой тарихий тажрибасига таяниши, хусусан, юртимиз ҳудудида тараққий этган ва йиллар давомида адолат тамойили асосида ҳукм сурган қадимий давлатларининг тажрибаси замонавий ўзбек давлатчилиги ҳуқуқий тизимининг шаклланишида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.