Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Андижоннинг ...қовун ва узуми бисёр яхши бўлур. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас


Андижоннинг ...қовун ва узуми бисёр яхши бўлур. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас

АНҚАРА, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Туркиянинг Бурса шаҳрида адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда амалий сафар билан Туркияда бўлиб турган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, таниқли бобуршунос Зулхумор Холмонова ва мезбон давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандош талабалар қатнашди.

 

Таниқли бобуршунос Зулхумор Холмонова буюк мутафаккир ва давлат арбоби, хассос шоир Бобур меросини ўрганиш бугун тобора долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Олима ўз маърузаси давомида бобуршунослик йўналишидаги сўнгги илмий янгиликлар, халқаро миқёсда, хусусан Турк олий таълим муассасаларида Бобур адабий меросини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар, шоир ижодининг ранг-баранг қирралари тадқиқи ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

 

«Бобур – буюк аждодимиз. Унинг асарлари шу қадар серқирраки, теранроқ мутолаа қилган ҳар бир киши ўз ҳоли ва вазияти учун муҳим ўгитларни кашф эта олади. Айниқса, сиз каби Ватандан узоқда таълим олаётган ёшларимиз учун буюк аждодимиз ҳаётида ўрнак жиҳатлар бисёр, – деди Зулхумор Холмонова. – Бобур Ватанга муҳаббат қандай бўлишини ўз ҳаёти давоми сидқидиллик билан кўрсатиб берган, асарларида ҳам ифода этган зот. У Ҳиндистонда ёзган сатрларида она юртини бот-бот соғинч билан тилга олади. Жумладан, сатрларидан бирида «Андижоннинг ...қовун ва узуми бисёр яхши бўлур. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас», деб ёзади».

 

Тадбирда давомида буюк аждодимизнинг ҳаётида бугунги ёшларимиз учун юқоридаги каби кўплаб намунавий жиҳатлар борлиги таъкидланди. Жумладан, Бобурнинг ўз фарзандларига ва турмуш ўртоғига бўлган муносабати ва ҳурмати, оила ичидаги ахлоқ-одоб ва меҳр-муруввати ўрнак экани билдирилди.

 

Қайд этилганидек, Бобурийлар томонидан барпо этилган этилган Тожмаҳал – бутун инсоният тарихида меҳр-муҳаббатни акс эттирувчи энг муҳташам ёдгорликдир. Ушбу меъморий дурдона аждодларимиз томонидан аёлга кўрсатилган эътибор ва қадр-қиммат нақадар юксак бўлганини ёрқин кўрсатиб турибди.

 

Маърифий тадбир якунида талаба ёшлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, талабалар томонидан Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди.