ИСТАНБУЛ, 10 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбул шаҳридаги вакили Туркияда яшаётган ва меҳнат қилаётган фаол ўзбекистонлик хотин-қизлар билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳияти иштирокчиларнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, роли ва нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ватандош хотин-қизлар, ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида мамлакатимизда аёлларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлашга қаратилган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини эътироф этдилар.